воскресенье, 16 марта 2014 г.

“Менинг онам Россияда”

Ёҳуд меҳрга муҳтож болалар ва сабри дарё муҳожирлар

 “Болалар уйининг боласи асфальтга она суратини чизди ва унинг бағрига кириб ётди.  Онага хурмат сабаб хатто пойафзалини ечди”.
Ҳар қандай бағритош инсоннинг юрагини эзадиган даражадаги бу сурат интернет тармоқларида юқоридаги изоҳ билан машҳур бўлди. Аммо кўп ўтмай, изоҳнинг асоссизлиги маълум бўлди.
Эронлик фотограф Баҳореҳ Бишех ўз зеҳни билан оддий бир манзарадан таъсирли ҳолат чиқара олди. Суратдаги қизча Баҳореҳнинг жияни. У  ҳовлида узоқ вақт ўйнаб чарчайди ва шундоқ ерга ётиб ухлаб қолади. Сураткаш бу пайтни дарров  экранига муҳрлади.
Аслида гап сурат кимникилигида эмас. Бу суратни илк изоҳ билан фейсбук тармоғида кўрганимда жуда таъсирлангандим. Илк бор Москвага келган пайтларимда 2 синфда ўқийдиган ўғлим ёзган смс ёдимга тушди: “Ухлагани кўзимни юмсам, сизни кўраяпман, ойижон. Нима қилай?”...
 Мендан олдин ёзилган юзлаб изоҳларнинг кечинмалари меникиданда зиёдроқлиги меҳрга муҳтож болакай суратига ҳеч ким бефарқ қараб тура олмаганини кўрсатиб турарди. Ҳиссиётларимни яширолмай изоҳ ёздим:
“Бугун оналари Россияда ишлаётган ўзбекистонлик болаларнинг ҳам соғинчлари ва кечинмалари шу болакайникидан ҳеч ҳам кам эмас”...

воскресенье, 9 марта 2014 г.

Дийдор...


Аслида бу дунёда ҳаммамиз ҳам мусофирмиз... Гап бизни Ватандан олисда яшаётганимизда эмас, барчамизни муштарак жиҳатимиз борлигида: қаерда яшамайлик, ким бўлмайлик, туйғуларимиз ўхшаш, ҳисларимиз, кечинмаларимиз яқин...
Мусофирларнинг бир умиди бор – ДИЙДОР. Она-Ватанидан, дўсту ёрлардан, айниқса, яқинлардан йироқда юрган инсонни дийдорнинг умиди руҳлантириб туради.  Қалбга қувват берадиган ҳам, танни ҳаракатга келтирадиган ҳам шу умид.