Аслида бу дунёда ҳаммамиз ҳам мусофирмиз... Гап бизни
Ватандан олисда яшаётганимизда эмас, барчамизни муштарак жиҳатимиз борлигида:
қаерда яшамайлик, ким бўлмайлик, туйғуларимиз ўхшаш, ҳисларимиз, кечинмаларимиз
яқин...
Мусофирларнинг бир умиди бор – ДИЙДОР. Она-Ватанидан,
дўсту ёрлардан, айниқса, яқинлардан йироқда юрган инсонни дийдорнинг умиди
руҳлантириб туради. Қалбга қувват
берадиган ҳам, танни ҳаракатга келтирадиган ҳам шу умид.
Мусофирни илинжи ҳам шу – ДИЙДОР. Ҳаётнинг пасту
баландликларида бизни аранг тутиб қолгувчи илинж минг чиғириқлардан ўтиб орзуга
айланади. Сабру тоқатини элакдан ўтказган инсоннинг этагини маҳкам тутган
орзунинг дояси дийдор илинжи эмасми?!
Мусофирни орзуси – ДИЙДОР. Бу орзу гоҳо ширин ҳаёл
бўлиб дилларимизни ёритади, гоҳи овунч булиб бизни юпантиради. Аҳамият
бергандирсиз, қалбларимизга таскин бўлаётган дийдор орзуси бизга чинакам ҚАДР
нелигини ўргатаяпти...
Мусофирни бахти хам – ДИЙДОР. Кун келиб, соғинчлар
барҳам топганда, ширин висол насиб этганда киприкларимиз орасидан тирқираган ёш
– дийдор бахти эмасми?!
Дийдор доим кўнглимизда. Кеча уни борлигини пайқамаган
эдик, бугун орзу-ўйимиз дийдор. Эртага эса дийдор бизни бахтимиз бўлади. ДИЙДОР бизга умид беради, янги орзуларга етаклайди,
мақсад сари интилишга чорлайди. Англолсак, ҳаётимизга мазмун ҳам берадиган хам иштиёқнинг
ўзи.
Мусофирлик нонини тотаётган ҳамсафарларим! Келинг, чин
дийдор қадар бир-биримиздан фақат кўз нуримизни эмас, меҳр тўла қалбларимиз
тафтини ҳам аямайлик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий