понедельник, 14 ноября 2016 г.

МЕНГА ТАВАККУЛ ҚИЛИНГ!

                                  (Менга ўзингизни  топширинг)

Нега безовта бўлаяпсиз?  Барча ташвишларингиз ғамини Ўзимга олишимга эътироз қилманг. Мен улар ҳақида қайғурадиган ўша Яккаю Ягонаман. Сиздан менга таваккул қилишингиздан бўлак ҳеч нарсани кутмайман. Шунда сиз хеч нарсадан ҳавотирланмайдиган бўласиз, барча қўрқув ва туғёнларингизга «алвидо» денг!
Ҳозир сиз Менга ишонмаётганлигингизни кўрсатаяпсиз. Аксинча, сиз Менга мутлақ ишонишингиз керак. Сизни Менга ўзингизни тўлиқ бағишлашингиз – ҳавотирли ҳаёллар, дуч келаётган қийинчиликлар ва муаммоларингиздан халос бўлишингиз демакдир.
«Ироданг ижобат бўлсин, Тангрим», денг-да, ҳаммасини Менга топширинг. Бу сизни: «Тангрим, барча ташвишларимни Ўзингга олганингга шукр ва албатта, Сен менга нима хайрли булса шуни қиласан», деганингиздир. Шуни унутмангки, фаолиятингиз оқибатлари ҳақида қайғуриш таваккулга хилофдир. Бошқача айтганда, ҳолатлар сиз кутган натижани бермаслигидан хавотирлансангиз, демак, сиз Менинг сизга бўлган меҳримга ишонмаган бўласиз. Шу тариқа ҳаётингиз менинг назоратимда эканига шубҳа қиласиз.
Миянгиздан «нима бўлар экан, охири қандай тугар экан» каби фикрларни чиқариб ташланг. Агар сиз шунақа мулоҳазаларга берилсангиз, демак, Менга ишонмаётганингизни намойиш этасиз.
Мен сизга ғамхўрлик қилишимни истайсизми? Истайсизми ёки йўқми? Агар истасангиз, барча хавотирлардан воз кечинг. Менга мутлақ таваккул қилсангизгина Ўзим сизга раҳнамо бўламан. Агар Мен сизни сиз кутганингиздан бўлак йўлга бошласам, Мен сизни у ерга «кафтимда» етказаман.  «Нима қилиб бўлса ҳам тирикчилигимни эплашим керак», каби ўй-хаёллар, хавотирлар ва турли фикрлар қалбингизни кемирмоқда. Агар сиз «Эй Тангрим,  Ўзинг ўнгла!» - деб Менинг иродамга инобат этсангиз, Мен сиз учун жуда кўп моддий ва руҳий муаммоларингизни ҳал қилиб бераман. Қачонки, Менга тўла таваккул қилсангиз, ўшандагина Мендан баҳраманд бўласиз.
Сиз эса қачон касал бўлсангиз, ўзингизга хуш ёқадиган тарзда шифо тилаб илтижо қиласиз. Амалда сиз Менга суянмайсиз, аксинча ўз орзуларингиз ушалишини Мендан кутасиз холос. Врачдан ёрдам сўраб келган бемор ўзини қандай даволашни ўргатган мижоз каби бўлманг. Унинг ўрнига ҳар қандай ҳолда айтинг: «Ё Тангрим! Барча синовларинг учун Ўзингга шукр, Ўз хоҳишингга кўра уларни бартараф этишингни тилайман. Мен учун нима афзаллиги Ўзингга маълум». Баъзан сиз мусибатлар камайиш ўрнига кўпаяётганини ҳис қиласиз. Хотиржам бўлинг!  Кўзингизни юминг ва комил ишонч билан «Ироданг ижобат бўлсин. Ўзинг ўнгла», деб Менга мурожаат қилинг. Агар қалбингизни Менга шу тарзда бағишласангиз, зарурат туғилганда Мен хатто мўъжиза кўрсатаман. Мен ҳамиша сиз билан биргаман, лекин Менга мутлақ таваккул қилсангизгина ёрдам бераман.

Сатья Саи Баба.

вторник, 17 ноября 2015 г.

МЕНИ ХОИН ДЕБ АТАНГ!

 Мен Онаман.
Ҳар бир инсон фарзандлигини ҳис қиламан. Қайси она фарзандининг қийин аҳволдалигини кўриб индамай қараб туради?!
Бугун миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияда қийин аҳволда. Айни ўқийдиган, талабалик гаштини сурадиган даврида ўзларининг тўйи учун 12 соатлаб оғир шароитларда ишлаяпти. Айни дўстлари билан ўйнаб-куладиган ёшида совуқ ўлкаларда тер тўкиб, топган пулини рўзғорини бутлашга сарфлаяпти.  Умрининг энг гуллаган чоғларини мусофирчиликда армон билан, соғинч билан, ўкинч билан ўтказишаяпти.
Улар ҳақида ёзган одамни хоинга чиқараётганлар, айтинг: 17 дан 35 ёшингизгача сизнинг ҳаётингиз қандай кечган?


вторник, 20 октября 2015 г.

Кузги гулим

Куз интиҳога ҳисобот терар...
Шу  чоғда сен билан туташди йўлим.
Дилимга кўкламнинг умидин берар
Ҳазонлар фаслида гуллаган гулим...

Юракка чўғ тушди олов фаслида
Ёндию атрофга сочилди кулим.
Қонимга сариқ ранг берган аслида
Тўзонлар фаслида гуллаган гулим.

Кунларнинг шукуҳи, завқи ўзгача,
Кўзимни қувнатар бу фасли сўлим
Айланиб борадир равон сўзгача.
Мезонлар фаслида гуллаган гулим

Юракка кузмонанд бир ғайрат берди,
Ёзмасам ёрилиб кетади дилим.
Саҳарги садога тенг ҳайрат берди

Азонлар фаслида гуллаган гулим!

четверг, 11 июня 2015 г.

ҚИЗИҚМИЗ...

 “Мен ҳеч кимга керакмасман”  деймиз, ҳақиқатда эса биргина инсонга кераксиз бўлсак.

“Ўзим  уддалайман” деймиз, ёрдам сўрагани тортинганимизда.

 “Ҳеч нима керакмас” деймиз, хоҳлаган нарсамизга эриша олмаганимизда.

среда, 3 июня 2015 г.

ИЛТИМОС, ХУДОЙИМ...

Ортиб кетди яна менинг гуноҳим,
Кимга ёриламан, Ўзингдан бошқа?!
Битта таскинингга зорман, Илоҳим,
Малҳам йўқ қалбимга сўзингдан бошқа.

Билмайман, жой борми менга аршингда,
Ўзимни беҳиштга чоғламоқчиман.
Илтимос, Худойим, ҳозир қаршингда
Озгина ўзимни оқламоқчиман...

пятница, 24 апреля 2015 г.

МЕН ҲАЁТНИ ТАНЛАДИМ

Ва дориларсиз яшашни ҳам
Яшаш ишқи солар қалбга чўғ,
Дилни ёқар иштиёқ бирам.
Ҳа, умрдан буюк неъмат йўқ,
Тирикликни ўзи бир байрам!
Ҳаётни яхши кўраман...
Бунга сабаб кўп. Аммо бу туйғуни ҳис қилишим учун унинг чинакам пасту баландликларини бошимдан кечиришимга тўғри келган. Фикрларимга ҳаёт йўллари меникига ўхшаш инсонларнинг таъсири бор, лекин ўз ҳаётий тажрибам, ўз кечинмаларим, ўз хулосаларим асосида ёзаман. Уларни билдира олиш учун шукрки, қаламим бор. Умуман, берилган  барча тортиқларни жуда қадрлайман.
Чунки уларни менга Аллоҳ берган...

Кимёвий авлод
“Тузалмайдиган касаллик йўқ, тузалмайдиган одамлар бор”
Инсон табиий туғилади. Тиши ҳам табиий чиқади, табиий равишда тилга киради, ўзи қадам ташлай бошлайди, ўзи юради. Оч қолиши, еганини чиқаришигача табиий.
Ҳа, ҳаммаси табиий жараёнлар: вояга етиши, вужудидаги ўзгаришлар, етуклик, куч-қувват ва ҳаракатлар. Жуфтлик эҳтиёжию насл қолдиришигача.
Табиий равишда яна бари ортга қайтади: соч тўкилади, тиш тушади... Ўз вазифасини бажариб бўлган вужуд табиий равишда жон таслим қилади.
Бу азалдан инсоннинг вужуд даражасида ҳаётдаги йўли.
Айтинг-чи, биронтасида дори-дармон иштирок этдими? Қайсидир жараён тиббиёт иштирокисиз рўй бермай қолиши мумкинми? Йўқ!
Унда қандай қилиб инсоният ҳозирги даражада дори-дармонга боғланиб қолди?!
Дори билан яшаса, қувват йиғса, дори билан нафас олиб, дори билан тинчланса. Дори билан иштаҳасини очиб, дори билан ичини юриштирса, дори билан ётса, уйғонганида дорию, дорисиз ухлай олмаса. Сунъий уруғлантиришу, туғилиш тиғ билан...
Табиий ҳаёт қаерга йўқолди?
Аҳвол шу зайлда давом этаверса, авлодларимиз сунъий бўладими ёки кимёвий?!

четверг, 2 апреля 2015 г.

“ТУР ЎРНИНГДАН” ЁКИ “ЖАНОБ, ТУРИНГ”!

Яна ҳам аниқроғи: қаранг, товуқлар нега жанубга қараб учаяпти?

СЎЗ...  ЙЎҒ-Е, БИТИКБОШИ:
Уйғониш ҳам икки хил бўлади: баъзилар яхши гапга дарров кўз очади,  баъзиларни уйғотиш учун яхшигина тепки керак. Сиз қайси тоифадасиз?

МУДДАО
Аслида мавзуни мухтасар қилиб туртки десам тўғрироқ бўларди-ю, у унча-мунча одамни қимирлатиши қийин. Гоҳида одам бир жойда қотиб қолса, турткидан кўра, тепки фойдалироқ.  Анчадан бери бора олмаётган жойингизга дўстингизми, душманингизми (аслида душманнинг ўзи йўқ ҳаётда, ҳар бир инсон бизга дарс берувчи) яхшилаб бир тепса борми, сапчиб учиб муддатидан олдин кўзлаган мақсадингизга етиб қоласиз.