Онгимда бошланди кескин жараён:
Бедор хўжайралар танда бетиним
Саккиз минг соатки, қилар ғалаён
Сенсиз йиғлар уч юз қирқ куним.
Соғинганман... чўтлаб кетаман.
Умрим сароб кўринган чўлдир,
Ҳаётимда ҳозир бир сен кам.
Бу ишқ мени чалғитар йўлдир,
Йўқотганман сўзларимни ҳам.
Соғинганман... ўтлаб кетаман.
Гўё бутун таним хиноли
Бу ҳолимдан дилимда ғулув
Чўғ ёняпти эллик килоли
Акс беради сал сепилса сув
Соғинганман... сачраб кетаман
Бу қандай қўзғолон, вужуд ичида?!
Бир бирига қарши: қалб, руҳ, тафаккур
Кел, барҳам бермасанг, жаҳл кучида,
Танимни бўлаклаб қўйишар ахир!
Соғинганман... ажраб кетаман.
Дардим ичга ютганим билан
Тошиб чиқар ҳисларим олов
Мен ўзимни тутганим билан
Бу дунёга ишқим сиғмас-ов!
Соғинганман... ортлаб кетаман.
Ҳижронли дунёга ўтлар қўйгим бор,
Жазо олиб бўлдим феълим касрига.
Жимлигим остида ҳадсиз куйгум бор
Менинг сукунатим исён аслида.
Соғинганман... портлаб кетаман!
Комментариев нет:
Отправить комментарий