суббота, 22 июня 2013 г.

Ҳижроннинг ранги

Муҳаббатнинг асли ранги оловранг,
Қалбим ўчоғига бўлди қалов ранг,
Ўзи томон чорлар дилни ялов ранг,
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Сабр ранги кўк, бахт ранги пушти,
Саодатнинг ранги сариққа кўчди,
Туйғулар ранг бўлиб кўнгилга тушди:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?


Умид ранги яшил, орзулар - мовий,
Қалбимда ишқ яшар ранги самовий,
Умрлар кутишга маҳкум, давомий
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Туйғуларим алвон, қайғулар кулранг
Изтироб бинафша, кўз ёшим гул ранг,
Ҳажрни висолга бўярми ул ранг,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Ҳисларим камалак, бахтим зангори,
Қип-қизил рангдадир кўнглимнинг зори
Кўринади хатто рашкнинг ангори,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Соғинчим жигари, ниятим оппоқ,
Ўйларим яшиндек ёрқину чақноқ
Тариқдек сочилган фикрлар тарқоқ:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Васл чўғ, интиқлик ранги моҳтобдай,
Иштиёқнинг ранги  қизиган тобдай
Кўнгилни иситар дийдор офтобдай,
Топдим, ҳижроннинг ранги шаффофдай!


1 комментарий: