суббота, 22 июня 2013 г.

Истасанг...

Мен шундай севаман, вужудим кўприк,
Асли қалб сийланган меҳрдан бекам.
Бу ишқ бир ўзимга қиляпти кўплик,
Истасанг, кел, бирга кўрайлик баҳам.

Мен шундай севаман, ҳаёлим қанот
Айланиб кетади чархим самога
Дунёга боғланиш руҳим учун ёт,
Истасанг, мен билан кел уч, самода.


Мен шундай севаман, ҳисларим олов,
Куйганча турибман тутиб кафтимда
Меҳрдир кўнглимни ёққувчи қалов,
Истасанг, кел исин, ишқим тафтида.

Мен шундай севаман, андишам соқов,
Дилимдан нарига ўтмас изҳорим.
Сукутим остида ҳадсиз сўзим бор,
Истасанг, жимликдан баҳра ол, ёрим.

Мен шундай севаман, онгим тарози,
Ҳамиша тош босар қалбим палласи.
Аросат ҳолингдан дилим норози,
Истасанг, қўй, кўнглинг ўзи танласин!

Мен шундай севаман, ишқим ҳидоят,
Қалбимни тўлдирар илоҳий наво.
Ҳар кимга насибмас, бундай иноят,
Истасанг, сенга ҳам кўрардим раво.

Мен шундай севаман, иймоним булоқ,
Қайга оқишини билар аслида.
Йўлдаман, манзилим озгина йироқ...

Истасанг, ҳамроҳ бўл, Унинг васлига!

Комментариев нет:

Отправить комментарий