Ёки мени интуициям қаерларга бошлаяпти?!
Сўзбоши (ёки пролог):
Агар
блог номини Ватандан узоқда юргани учун “Мусофирликда” деб қўйган, деб ўйлаган
бўлсангиз, мени ҳеч қачон тушунмайсиз...
“Чин мусулмон ёмон нарсани гапирмайди, эшитмайди,
кўрмайди ва ўйламайди”
Шайх
Муинуддин Чештий.
Бу
иборани илк бор эшитгандаёқ, кўнглим “жиз” этди. Муаллифини, иқтибос келтирилган
китобни излай бошладим. Шу китобдан ўзимга керак нарсани топишимни кўнглим
сезганди...
“Синиқ курси эгалари”
“Кўнглим
сезди” деган гапни кўпроқ аёллар ишлатади. Айниқса, она ўз фарзанди соғлиги ёки
ҳаётига оид ўзгаришни яққол ҳис қилади. Афсуски, бу кўп ҳолларда ноҳуш воқеалар
мисолида акс этади.
Лицейнинг 8–синфида ўқирдим. Қиш кунида одатдагидек, эрталаб мактабга келиб ҳовлига
кираётгандим, муз қоплаган остонадан сирпаниб йиқилиб тушдим. Нима бўлганини
тушунишга улгурмадим ҳам. Кўзимни очсам, касалхонада ётибман, онам бошимда
йиғлаб ўтирибдилар. Кейин билишимча,
ҳушимдан кетгач, “Тез ёрдам”да касалхонага келтиришган экан. Онамга хабар беришгандир, деб ўйладим
шекилли, ярим соат ичида онамнинг қандай етиб келганларига эътибор қилмадим.
Аммо
кўп ўтмай, бўлган воқеани эшитиб ҳайрон қолдим. Онам ишхонада ишлаб
ўтирганларида бирданига мен ҳаёлларига тушиб юраклари қаттиқ санчибди. “Дилим
шунчалик ғаш бўлдики, ишда ўтира олмай қолдим. Қизимга нимадир бўлди, деб мактабга
югурдим”, дейдилар. Етиб келганларида эса мени “Тез ёрдам”га ўтказишаётган экан.
Бу
каби воқелар ҳар биримизнинг ҳаётимизда содир бўлган ва бир маротаба эмас. Ички
сезги ҳақида ҳеч бир манбалардан фойдаланмасдан, оддийгина қилиб ўз ҳаётимдан
мисоллар келтираяпман.
Аслида
эса аёлларга нисбатан эркакларнинг ички сезгиси яхши ишлайди. Аёлларда эса кўп
ҳолларда интуиция тескарисига ишлайди. Устозимнинг қизиқ бир гапи онгимга
ўрнашган:
“10
та стулни қўйиб ичида биттаси синиқ, шунга ўтирма, десангиз, танлаб-танлаб
айнан синиқ стулга бориб ўтиради. Ёки бир қизга 10 йигит ошиқ бўлса, у айнан “куйдиргиси”ни танлайди”.
Болалар
ва кексаларда интуиция тўла ишлайди. “Бу – атиги уларнинг юраклари бор кучини
сафарбар этади, дегани”, дея изоҳлайди ёзувчи П.Коэльо .
Олдиндан сезишми, ёки сездириш?!
“Тушлар – Яратганнинг биз билан гаплашадиган тили”.
Пауло Коэльо.
Тушлар
мен учун илоҳий нарса. Ҳали туш кўриш жумбоғини ҳеч ким тўла изоҳлаб бера
олгани йўқ. Тушларимиз бизнинг ички сезгимиз қай даражада ишлашини билдириб
туради.
Ғаройиб
тушларимдан бири:
“Оломон
каттагина майдонда тўпланиб, ҳамма қибла томонга қараган ҳолда. Олдинда мен
турибман. Негадир ҳаммани нигоҳи осмонга қараган. Ниманидир кутаяпмиз. Осмон
мовий, тиниқ. Бир вақт осмонда Исо алайҳиссаломнинг қиёфаси кўринди. Фақат
юзлари, катта бўлиб осмонни эгаллади. Одамлар оҳ тортиб юборди. Исо (а.с.)нинг
юзи осмонда сузганча орқа томонимизга ўта бошлади. Одамлар беихтиёр ортидан
эргашди. Анчагина масофа нарида катта черков кўриниб турарди. Исо (а.с.)нинг
юзи шу томонга сузиб черков ичига сингиб кетди. Оломон гувиллаб черков томонга
ёпирилди. Қизиқ, мен ҳамон олдинда эдим. Черковнинг пастгина панжарасини ушлаб
тўхтадим: “мен мусулмонманку, кирмайман”, деган фикр ўтди ҳаёлимдан”
Ҳамкасбларим
билан бирга шаҳарни айланиб юриб, Москвадаги энг катта черков – Храм Христа
Спасителя собори ёнига келиб қолдик. Меъморларнинг маҳоратига тан берганча,
черков биносини томоша қила бошладик. Ҳамкасбларимдан бири ичкариси жуда гўзал,
юринглар, кўриб чиқамиз, дея таклиф қилди. Гарчи черковга кириб томоша
қилиб чиқишнинг ёмон томони бўлмаса–да,
оёғим тортмади. Беихтиёр тушимдаги гапни такрорладим: “Мен мусулмонманку,
кирмайман” Ҳамкасбларим кулди. Ахир, меъморчилик обидаси сифатида томоша қилиб
чиқиш мумкинку. Барибир, кирмадим. Ҳамкасбларимни черков ҳовлисида кута
туриб, икки–уч кун олдин кўрган тушимни
эсладим...
Ва
энг эсда қоларлиси:
Тушимда
саҳрода юрибман экан. Узоқдан ўн–ўн
беш чоғли одамлар кела бошлади. Уларнинг ўртасида (ва олдинда) нурли бир киши
яққол кўзга ташланарди. Туш кўраяпману, онгимда шу инсон пайғамбаримиз Муҳаммад
(с.а.в.)лигини ҳис қилиб турибман. Атрофдагилар саҳобалардир, уларнинг
барчалари оппоқ, узун кийимда эдилар... Саҳронинг ўртасида супа бор экан.
Аввало пайғамбаримиз (с.а.в.), кейин саҳобалар, бирин–кетин супадан жой олишди.
Араб тилида сура ўқила бошланди. Уйқу аралаш бу сура қулоғим остида янграрди...
Бу
туш шу куниёқ ўнгидан келди: яқин дўстим
“Хадис и Жизнь” китобининг айнан Муҳаммад (с.а.в.)нинг сийратларига бағишланган
19-томи (“Пророк, явившийся мирам милостью”) ни совға қилди.
Интуиция
ҳақидаги манбаларнинг деярли барчасида тушлар алоҳида таъкидланган. Ўйлаб
қоламан: аслида интуиция олдиндан сезишми, ёки сездириш?!
Маликсиддиқ сўфий эди
«Аллоҳ
– бу нур, дунё эса Аллоҳ таолонинг тажаллийсидир. Инсон ўзини-ўзи такомилга етказа
бориб, Вужуди Мутлаққа яқинлашуви мумкин».
Ибн Арабий.
Ҳалқимиз
орасида “тўрт муча саломатлиги”, деган гап бор.
Вужуд, онг, қалб ва тафаккурнинг уйғунлиги комиллик даражасига
етишимизни таъминлайди. Қалбнинг доимий хотиржамлиги эса ички сезгини ўз-ўзидан
ишга туширади. Фикрни жамлаш, муроқаба билан шуғулланиш ҳам руҳий дунёмизни
юксалтириш билан бирга вужудимизни бошқаришни ўргатади.
“Одам
ўз вужуди мамлакатига подишоҳлик даражасига етса, Аллоҳга банда бўлмоққа
шойиста бўлғай”, дейди Имом Ғаззолий “Кимиёи саодат” асарида.
Сиз
бирор марта танангизнинг бирор аъзоси билан гаплашганмисиз? Сизга неча йилдан
бери тинмай хизмат қилаётгани учун миннатдорчилик билдирганмисиз? Ғаззолий
айнан шу китобда вужудни бошқариш усулларига ишоралар билдирган.
Шукрки,
бу илмларни амалда қўллаш мени давосиз дарддан бутунлай халос этиш билан бирга,
ўз Йўлимни топишимга туртки бўлган. Мушоҳада, муроқаба, ижод... Буларнинг
барчаси ўз Йўлида кетаётган Инсонни комилликка интилишларининг энг кичик
кўринишлари, холос.
Тасаввуфнинг
йирик намоёндалари ўзлари эришган даражалари билан бирга тўғри Йўлни кўрсатиб
кетишган. Бу Коэльо ёзганидек, “қўрғошинни олтинга айлантириш усули”, яъни
оддий бандани комил инсон даражасига етиши Йўлидир.
Нақшбандий
ёзганидек, ўзимни дунёдан узмаган ҳолда Йўл босаяпман...
Ўтган
куни ижтимоий тармоқларнинг бирида
кимдир “ўқиса арзигулик” китоблар тавсия қилишларини сўради. Кимлардир жаҳон
адабиётининг “ўўў”, дейдиган китобларини санай кетди.
Аслида
эса ғарб азалдан шарқдан илҳом олган ва ҳанузгача бу давом этаяпти. Данте “Илоҳий комедия” мавзусини Ибн
Арабийдан олган бўлса, Пауло Коэльо ўзининг барча асарларида Жалолиддин Румий
ижоди ва тасаввуфнинг ҳиссаси катталигини таъкидлаган.
“Портобелло жодугари” суфийларнинг самосини,
унинг башоратлари авлиёлар кароматларини эслатади менга...
Сўнгги
йилларда китобхонларни ҳайратга солган Нил Доналд Уолшнинг “Беседы с Богом” (1,2,3
) китобларини ўқиб чиқиб,“Қуръони Карим”га тақлид эканини ҳис қилдим.
Интуицияга
бағишланган мавзу нега китобларга бурилиб кетганига ажабланаяпсизми?
Ички
сезгим ҳамиша яхши китоблар бор жойга тортади. Пост бошида иқтибоси келтирилган
Муинуддин Чиштийнинг “Суфийское целительство” китобини шу ердан топдим. Аммо
унинг ёнида турган китоб дилимни хира қилди, бу китобни Румийга ҳақорат деб
қабул қилдим.
Найджел Жексон деган америкалик ёзувчи Румийни фолбин деб, унинг Таро карталарини ҳам ишлаб чиқибди. Китоб изоҳида “машҳур рассом ва тадқиқотчи
Найджел Джексон тасаввуфнинг бой тарихий анъаналарини чуқурлаштирган ҳолда
рамзий маъноли карталарни тавсия этади. Бу сеҳрли Таро ёрдамида ўз қалбингизда
авлиёларга хос донишмандликни очасиз”, деб ёзиб қўйибди.
Румий тирик
бўлганида бу ҳақорат учун Найджел
Джексонни судга берармиди!
Яна мавзуга қайтсак: кўнгил - душман, деманг...
Яқинда
фейсбукда бир машҳур ёзувчи “Кўнгил душман, ақлга ишон”, деб статус қўйди.
Ўқиб, ғалати бўлиб кетдим. Кўнгил ҳақида тушунчаларим деярли йўқ пайти ўзим ҳам
бу сўзни ён дафтаримга ёзган пайтларим бўлган-да. Қанчалар хато қилганимни
тушундим. Бошқалар бу хатони такрорламаслиги учун статус тагига изоҳ ёзиб
қўйдим: “Кўнглида Аллоҳ бор инсон бу гапни айтмайди...”
Илтимос,
“кўнгил душман” деманг, чунки кўнгилда Аллоҳ бор. Бежизга кўнглим сезди, кўнглим тортди, демаймиз.
Қалб Ўзига нима яқину нима ётлигини, Ўзига нима керагини, Ўзига олиб борар
Йўлни яхши билади. Айнан шу нарса
интуиция дейилади.
Сўнгги сўз (ёки эпилог):
Бир
менмас, барчамиз мусофирмиз... Бу дунё сайрида сиз билан қисқа муддатга бўлса
ҳам, ҳамсафарлик насиб этдими, бу бежизга эмас.
Асл Ватанда
кўришгунча...
Барака топинг!
ОтветитьУдалитьАллоҳ паноҳида асрасин! Муҳим бир жиҳат - босганингиз қадамингиздан Аллоҳ доим рози бўлсин!
Фақат бир жиҳат Паулео ... нинг сўзида Аллоҳ сўзини Яратганга алмаштириб қўйинг, бундан ҳам айб топиб юрмасин барака топгурлар!
Чин дилдан ҳамсафар эканлигимдан хурсандман.
Rosti o'qib yengil tortdim. Intuitsiya Allohni ne'mati. U bizni hech qachon yomon tomonga boshlamaydi. Aytgancha "Alloh"ni "Yaratgan" deyish o'ylashimcha ayb emas. Muhabbat bilan zikr qilinsa bas.
Удалить