воскресенье, 16 февраля 2014 г.

ПОЙАФЗАЛНИНГ УНУТИЛГАН БОҒИЧИ

Энг катта хатоим ҳам, ютуғим ҳам шу бўлди

                 Ёки умумлаштирилган электрон кундалик

Сўзбоши (Пролог)
Кундалик ёзиш баҳона ўтган умримни сарҳисоб қилиб энг катта хатоимни топдим: мен ҳеч нарса сўрамаган эканман. Ҳаётимда ҳар бир воқеа ўз-ўзидан бўлавергани учун сўрашга эҳтиёжим ҳам бўлмаган экан...

Тақдири азал
Мен куч сўрадим ва Худо менга кучли бўлишим учун қийинчиликларни берди.
Мен донолик сўрадим ва Худо менга уларни ечишим учун муаммолар берди.
Мен тўкинлик сўрадим ва Худо менга ишлашим учун куч ва ақл берди.
Мен рағбат сўрадим ва Худо менга ғолиб бўлишим учун хатар берди.
Мен меҳр сўрадим ва Худо менга ёрдам беришим учун муаммоли инсонларни берди.
Мен фойда сўрадим ва Худо менга фойдали бўлиш имкониятини берди.
Мен истаган ҳеч нарсамни олмадим, менга керак бўлган ҳамма нарсага эришдим.
У Ли.
Мен сўрашга улгурмадим. Аввалига жуда ёш эдим, нималар бўлаётганини ўйлашга идроким етмасди. Ақлим етганида қийинчиликларга кўникиб бўлгандим. Ҳар гал бир тўсиқдан ошар эканман, бу жараёнда энг муҳими – иродам тобланиб бораётганини англамаган эканман.


Ҳаётда ҳеч нима бежиз эмас
Ҳаммаси яхшиликка.
Нақл.
Оилада 6 фарзанд эдик: уч қиз ва уч ўғил. Бувимнинг эса ўғиллари йўқ эди. Шу боис кексайган чоғларида қаров учун мени бувим қўлига беришган. Нимага айнан мени? Бу саволни ҳеч қачон ота-онамга бермаганман. Ва ҳалигача мени ўйлантирадиган ва ўксинтирадиган саволлигича қолиб кетган.
Болалигим кексаларга хос инжиқликлардан ҳоли бўлмаган аёлнинг уйида ўтди. Кенг ҳовли ва ҳайҳотдек уйда бувиму мен ёлғиз эдик. Иккимиз ҳам ўз ҳаётимиз билан яшадик. Тирикчилик ташвишларидан ташқари, бувим фақат тоат ибодат, мен эса ўқиш билан машғул эдик.
Тинимсиз китоблар ўқирдим. Ўзимча шеърлар ёзардим, расм чизардим. Булар менга қизиқишдан кўра, овунч эди шекилли.
Илк бор газетада мақолам чиққанида 6-чи синф эдим. Почтадан гонорар келган. Қувончим еру кўкка сиғмаган. Ва шу кундан мустақил ҳаётим ҳам бошланган. Энди ўзим пул топа олардим.
Мени ижодкор қилиб қўйган ўксинишни бир мартагина онамга тортиниб айтганман: “ота-онам бўла туриб етимдек ўсдим”.

Орзуга етмоқ осонмас...
Бизнинг шахсимизбоғ, иродамиз эса унинг боғбони.
В. Шекспир
Лицейни битирар пайтимда танлаган йўлим аниқ эди. Шунга қарамай, ҳамма менга “баланд дор”га осилаётганлигимни уқтира бошлашди. Ҳатто лицейимиз директори ҳам “сен борадиган жойга кириш учун бир қоп пулинг бўлиши керак”, деди. Мен эса уларга ўчакишдимми, билмайман. Қайсарлик билан ота-онам истагандек, Гулистондаги пединститутга эмас, ТошДУни журналистика факультетига ўқишга хужжат топширдим.
Қари бувимни қолдириб, ўқишга кетдим. Энди бутунлай ёлғиз эдим. Айтганча, ўз кучим билан ўқишга кирганимни айтгани борганимда мактаб директорим “сенга атайлаб шу гапни айтгандим, яхшироқ тайёрланишинг учун” деди. Эҳтимол...

Тормози йўқ машина дарахтга урилади
 Мухбир фаррошликдан миллиардерликка етган ёлғиз аёлга савол берибди:“Уч фарзандингиз бўла туриб, қандай шу даражага етдингиз?”
Аёл жилмайганча жавоб берди: “Айнан уч болам борлиги учун шу даражага етдим”
Луиза Ҳей.
Ўқиш даврим оила қуриш, фарзанд тарбияси билан аралаш ўтди. Ҳаётимда энг ёрқин из қолдирган иш фаолиятим эса ФВВ да кечди. Бир пайтда уч жойда ишлаш билан бирга тўрт таҳририят билан доимий ҳамкорлик қилардим. Ишга бутун борлиғимни шу даражада бағишладимки, соғлигимни йўқотиб қўйдим.
Ойлаб касалхонада даволанишлар, йиллаб давом этган ногиронликдан кўра, оғир пайтимда мени ташлаб кетган яқинларим мени руҳан чўктирди. Тамом бўлган эдим, ҳисоби. Бегона шаҳарда, ижара уйда, ишсиз ва оиласиз, ногиронликдаги ҳолимда олдинга интилишим учун битта сабаб бор эди: ёш болам.
Ҳаёт учун ҳақиқий кураш бошланди.

Суйганига дард бермайди
Бу иблисона ғафлатдан қутилинг. 
Ҳар бир дарднинг давоси бор, қидиринг, топинг.
Шайх Моинуддин Чештий.
Ҳаммасини четга сурдим: саноқли умрим қолганини айтиб елка қисган шифокорлар ҳам, оғир аҳволимда ёлғиз қолдирган яқинларим ҳам, касаллигим сабаб мени қайта ишга олишни истамаган ҳамкасбларим ҳам, тирикчилик ташвишлари ҳам, ҳаммасининг ҲАЁТим олдида сариқ чақалик қиймати қолмади.
Яшашим керак!
Бу ҳаракат касаллигим олдида чорасиз бўлган тиббиётдан кечиб, даволанишнинг бошқа йўлларини излашга ундади.  Ҳар куни тушгача ўз устимда ишладим, шуғулландим, кечгача тирикчилик учун мақолалар ёзиб кун кўрдим.
Ҳозир касалликни нишондек бўйнига тақиб олганларни, суйганига дард беради, деб ўзини овутаётганларни кўрсам, эътироз билдиришдан ўзимни тия олмайман. Менимча, “суйганига дард бериши” бошқа мавзу. Бу ерда ишқ дарди ҳақида гап кетган.
Касаллик синов, руҳ ва иродани тоблаш учун энг яхши машқ. Руҳнинг кучи тананикидан устун тураркан. Ҳаракат билан 2 йилда нафақат касалликдан, балки ҳаётимдаги энг оғир вазиятдан батамом чиқиб кетдим.
Ҳаётда энг муҳими, таслим бўлмаслик экан.

Муқобил вариантларни ҳам кўриш керак
                            Энг буюк ғалаба – ўз устингдан қозонилган ғалабадир.
Педро Кальдерон.
Энди олдинда янги мақсадлар, янги ҳаёт турарди. Янги куч-ғайратим, янги қувват-иштиёқ билан муҳитга сиғмай қолганимни англадим.
Ўзимни, ўз Йўлимни топгандим. Манзилимга етиш учун ҳаммасини бошидан бошлашга рози бўлдим.
Мусофирлик ўзимни енгишга имкон яратди. 3 йил давомида оддий ишдан ўз соҳамда ишлашгача бўлган йўлнинг пасту баландликларини бошдан кечирдим. Ҳаётга, инсонларга муносабатим ўзгарди. Чинакам Қадр нималигини англадим.
Тепада юрган одамга ҳаёт гўзал кўринади. Ногоҳ пастга тушиб қолса, ўзини қўярга жой тополмайди, яшагиси келмай қоладиганлар ҳам бор. Пастда юрган одам тепаликка чиқиб қолса, ўзини қўярга жой тополмай қолади, ўтган кунини унутганлар ҳам бор.
Ҳар иккисида ҳам яшаб билдимки, тепаликнинг ҳам, жарликнинг ҳам ўзига хос гўзал табиати бор. Гап уни кўра билишда, ҳис қилишда экан.
Хуллас, тўртинчи йилда ҳар томонлама ўзимни бутунлай тутиб олдим. Ҳаммаси изга тушди. Ўтган кунлар оғир тушдек ортда қолди. Ва энди ҳар гал янги қўйган мақсадимга етарканман, ҳаётда ҳеч нима бежиз бўлмаслигига янада иймон келтиравераман.
Руҳимизнинг асоси 
Туяни сўрасанг, бияни беради.
Мақол.
Устозим мақсадга етиш учун “спортчилар икки метрлик баландликни ошиб ўтиш учун уч метрни мўлжал олади. Планкани доим баланд ол”, деб ўргатган. Ҳалиям шундай қиламан, чиндан ҳам иш беради.
Бир ҳамкасбим билан танишиб, суҳбатлашиб ўтирсам, “сиз ҳақингизда ёзсам майлими?” деб қолди. Ўйлаб кўрсам, мен ҳақимда эмас, ирода ҳақида ёзиш фойдалироқ экан. Ирода ҳақида манбалар ҳам, иродали инсонлар ҳақида мисоллар ҳам кўп. Мени эса оддий қилиб, ўз ҳаётим мисолида ёзгим келди.
“Гоҳида бу қари чолнинг ўзи билан фахрлангиси келади” дейдию Маликсиддиқ. (“Алкимёгар” П. Коэльо)
Ирода - ички таянч, йиқилгандан сўнг ҳамиша қайта тура олиш санъати. Ирода ўзни камолга етказишдаги муҳим хислат. Менимча, у кейин берилмайди, яралмишдан бери бор. Ирода умрнинг пасту баланд йўлларида, ҳаётнинг хуш нохуш синовларида тобланади, руҳни янада кучайтиради.

Сўнгги сўз (Эпилог)
Яхшиямки, бугун шу кундаликни ёздим. Шу баҳона энг катта ютуғимни топдим: мен ҳеч нарса сўрамаган эканман. Ўзининг дийдорига етишдан бошқа бирон нимани сўраш арзимас нарсадек туюлган менга, сўрашга уялганман.
Фақат берганига шукр билан яшаган эканман. Бундан кейин ҳам менга шуниси маъқул. Шукр билан ҳам Ўзига етишдан умидворман...

Комментариев нет:

Отправить комментарий