воскресенье, 18 января 2015 г.

ИШҚ СОНАТАСИ


- Бу куйнинг номи нима?
- «Илк бора».
- Номи ҳам яхши экан: «Илк бора». Илк туйғуларингни ёдга соларкан. Қўл ушлашиш, девордан ошиш, ҳаяжон буларнинг ҳаммаси менда илк бора бўлаяпти

Сизнинг-чи, илк туйғуларингиз ёдингиздами?! Илк бора дил изҳори ёзилган мактуб олганингиз, ҳаяжондан юзларингиз лов-лов ёниб ўқиганингиз, бармоқларингиз титраб жавоб хати ёзганингиз, аммо бергани ҳам ийманиб йиртиб ташлаганингиз, сўнг майдаланган қоғоз парчаларига қараб йиғлаганингиз, илк бора совға қилинган суратлар, сурат орқасидаги сирли ёзувлар, шу каби ойдин хотиралар...  ёдингиздадир?!

- Севган йигитим бошқага уйланиб кетди,- дейди бир қиз.
- Демак, сизни севмаган экан, - дейман.
- Севганимдан кўнглим қолди, - дейди бошқаси.
- Демак, чиндан севмабсиз, - дейман.
Муҳаббат бугун сизга, эртага бошқага тортиқ қилинадиган совға эмас, муҳаббат тезда унутиладиган туйғумас

Юракка ханжар санчилган суратни илк бора ким чизган экан? Менга қолса «Тиғ қадалган юрак» сурати ижодкорини энг буюк рассом деб атаган бўлардим.
Муҳаббат – бу қалбга отилган камон, дилдан ёш бўлиб тўкилган армон, минг қўл чўзса ҳам етмас осмон, муҳаббат - кўнгилга ботган тикон.
Санчилиб жим тураверса-да, тиғи оғриғидан юрак сирқиллайверади, ярасига сал хотира тегиб кетса ҳам янгиланаверади


- Қизларда вафо йўқ, - дейди бир йигит.
- Демак, қаттиқ алданибсиз, - дейман.
- Менга ваъда бериб бошқага тегди, - дейди бошқаси.
- Бу севги йўқ дегани эмас, - дейман.
Муҳаббат бу сўз бериб, ваъданинг устидан чиқиш шарт дегани эмас, муҳаббат севишган дилларнинг бир-бирига етишиши ҳам эмас
- Йигитларни йиғлатаётган, қизларни қақшатаётган бу туйғу муҳаббат бўлмаса, нима экан? – саволлар қуршовида танг қоламан. Қалбим ёниб сўзларга кўчади:
Ахир, ишқ бошқа, ҳавас бошқа

Ишқ ҳақида биринчи шеърни ким ёзган экан?! Менга қолса, муҳаббат ҳақидаги илк мисралар муаллифини «энг буюк шоир» деб атаган бўлардим.
Муҳаббат – бу кўнгилдан тўкилган куй, юракдан таралган наво, қалбдан чиққан садо. Муҳаббат  - дунёдаги энг шоҳ асар, инсон қалбидаги энг пок ғазал.
Ўқисанг оҳангидан маст бўлиб, куйидан дарёда солланиб оқасан, куйласанг навога айланиб, қалбингни ўтларда ёқасан...

- Биринчи муҳаббатим - дардини қоғозга тўкади шоир.
- Демак, у ўтли бўлган экан, - дейман.
- Биринчи муҳаббатим - навога қўшилиб йиғлайди ҳофиз.
- Демак, у ҳамон қалбингизда, - дейман.
Муҳаббатнинг иккинчиси, учинчиси, саноғи борми? Нега унда бошқа муҳаббатлар хусусида куйламаймиз. Биринчи муҳаббат нега қалбда абадий қолади, нега илк севгим деб ўртанамиз?
Илк муҳаббатни унутиб бўладими?!

 «Қиш сонатаси»ни кўраяпсизми? Бу менинг биргина шу фильмдан олган таассуроту кўнгил кечирмаларимнинг ҳосиласи. Балки у сизнинг ҳам илк туйғуларингизни ёдга солгандир? Ахир, бу қиш эмас, ишқ сонатаси-ку!
Менинг ҳали ёдимдан ўчмаган эди


Комментариев нет:

Отправить комментарий