воскресенье, 18 января 2015 г.

ҚИШ...


Таъсирини қилди ишқимизга ҳам
Орамизни совутиб қўйди.
“Яхшиликка”, дея иккимизга ҳам
Кўнглимизни овутиб қўйди...

Илиқ сўзлар гапирмай қўйдик,
Кунлар салқин бўлгандан бери
Кўришсак ҳам, қовоқни уйдик
Кўкка булут тўлгандан бери


Бирдан кўкда чаққан чақиндай
Сал нарсага жаҳл ҳам қилдик
Кеча кузда эдик яқиндай,
Қишда ишқни гуноҳкор билдик

Кўринишга урди ўзин қаҳратон
Қиёфалар қотди рангин ўчириб
Нигоҳларни уздик тўқнашган ҳамон
Хоҳишларни шамол кетди учириб

Сумалаклар киприкда ёшдай,
Айтилмаган туйғулар музлар
Тафтсиз қолган қишки қуёшдай
Ёзни кутар бўлди умидвор ҳислар

Учрадикми балки куннинг қаҳрига
Кузнинг адоғида биз қилдик хато
Кел, таслим бўлмайлик аёз заҳрига
Совуқ етиб бормаску юраккача то

Қалбда қайноқ сўзлар лабни иситса,
Табиат кўрмайди узримизни кам
Меҳр қордан унар номин эшитса,
Қайтариб беради ҳузуримизни ҳам

Ишқимиз яйратсин совуқ қишни ҳам
Ҳароратин ошириб қўйсин.
“Яхшиликка”, дея иккимизни ҳам
Бир тақдирга яшириб қўйсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий