четверг, 2 апреля 2015 г.

“ТУР ЎРНИНГДАН” ЁКИ “ЖАНОБ, ТУРИНГ”!

Яна ҳам аниқроғи: қаранг, товуқлар нега жанубга қараб учаяпти?

СЎЗ...  ЙЎҒ-Е, БИТИКБОШИ:
Уйғониш ҳам икки хил бўлади: баъзилар яхши гапга дарров кўз очади,  баъзиларни уйғотиш учун яхшигина тепки керак. Сиз қайси тоифадасиз?

МУДДАО
Аслида мавзуни мухтасар қилиб туртки десам тўғрироқ бўларди-ю, у унча-мунча одамни қимирлатиши қийин. Гоҳида одам бир жойда қотиб қолса, турткидан кўра, тепки фойдалироқ.  Анчадан бери бора олмаётган жойингизга дўстингизми, душманингизми (аслида душманнинг ўзи йўқ ҳаётда, ҳар бир инсон бизга дарс берувчи) яхшилаб бир тепса борми, сапчиб учиб муддатидан олдин кўзлаган мақсадингизга етиб қоласиз.


Ҳа-а, мақсад! Ўзи шу ҳақида ёзмоқчи эдим: Мақсадсиз инсон – чала ўликдир.
Айниқса, мақсадларингиз кўп ва ранг-баранг бўлса, ҳаётингиз шунча серзавқ ва мазмунли. Мақсад қўйиб уни амалга ошишини кутиб ўтириш - мақсад эмас, шунчаки орзу бўлиб қолади. Орзуни мақсадга айлантириш учун битта нарса керак: ҳаракат.

ЭНГ ЯХШИ КУН – БУГУН,
ЭНГ ЯХШИ ВАҚТ - ҲОЗИР!

“Чинакам мақсад – тунлари уйқу бермаётган эмас,
саҳарда иссиқ ўрнингиздан туришга мажбур қилаётган нарса”
Унда нега шунча мақсадларимиз амалга ошмади, дейсизми? 
Келинг, қисқача таҳлил қиламиз. Бир куни тонгда югуришнинг соғликка фойдаси ҳақида ўқиб қолгандингиз. Эртадан югуришни бошлайман, дея уйқуга ётишдан олдин соат қўнғироғини эрталаб уйғотишга қўясиз ҳам. Эрталаб эса уйғотган қўнғироқни ўчириб, уйқу аралаш кроссовкангиз йўқлиги ёдингизга тушади. Якшанба куни бозордан кроссовка харид қилишга қатъий аҳд қилиб, уйқуни қолган жойидан давом эттирасиз. Якшанба куни кроссовка билан бирга спорт кийимлари ҳам сотиб олинади. Ахир, тонгда югуриш -  соғликка кони фойда.
Душанба куни соат жиринглади: 05:00.  Иродани тўплаб ўриндан туриб, деразадан ташқарига қарасангиз, кўчада ҳеч зоғ йўқ, ерни қиров ҳам қоплаганми-ей! Ҳамма аҳмоқми, эрта тонгда совуқ кўчада югуриб?! Дарвоқе, совуқ. Югуришга ҳали вақт бор. Кунлар исисин, кейин бемалол югурса, келиб ювинса бўлади. Бу салқинда терлаб келиб ювинса шамоллаб қолиш ҳеч гапмас. Хуллас, ёзга қолди. Унгача эса аҳён-аҳёнда тонгда югуриш соғликка фойдалилиги ҳақидаги мақола эсингизга тушиб, йўлакдаги кийилмаган кроссовкага хижолат бўлиб кўз ташлаб ҳам турасиз.
Ёз ҳам келди, аммо бу иссиқда югуриб бўладими! Яна ишга бориш керак, кун узун, кечгача чарчаб қолади-ку одам. Яхшиси, таътил пайти...  Таътилда эса иш кўп: уй таъмири, тўйлар, қариндошларни йўқлаш...
Мана, мақсадга нима халал бераяпти:

ЗАМОНАВИЙ ЯЛҚОВЛИК

“Ҳаракатсизлик – организмнинг тобутга мослашувидир”
Дангасалик сизни фақат ҳаракатсизликка тортади: Ўтир, қимирлама, ёт... ва бир умр ётишга маҳкум қилади.  Замонавий техникалар – содиқ дастёрлар жону дили билан сизга хизмат қилади. Барча қулайликлар инсон ялқовлигининг самараси.
Оддий мисол: илгари телевизорни ёқиш учун камида 5 қадам юриб, ўнг қўлимизнинг асосан 3 та бармоғи, бирқанча мушаклар ва озроқ бўлсаям куч сарфланган бўлса, ҳозир ётган жойимизда битта кўрсатгич бармоқ иштирок этаяпти-да. У ҳам эгилмай-букилмай.
Янги хонадонга кўчиб ўтсам, лифт ёнига “Лифтни асранг, у сизнинг соғлигингизни асрайди” деб ёзиб қўйилганини кўрдим. Менга кулгили туюлди: қанақа асраш, соғлигимизни кетказаяпти-ку!
Тошкентдаги уйимизда лифт кўпинча ишламагани учун  9-қаватга бир кунда 3-4 марта бемалол тушиб чиқардик. Ҳозир шу лифтни деб 5-қаватга зўрға чиқаману, деган фикр ўтди ҳаёлимдан. Ва лифтни ҳам, соғлигимни ҳам асраш учун ундан умуман фойдаланмасликка қарор қилдим.

БИЛИМ МУҲИММИ, АМАЛ?!

“На олов, на шамол, на туғилиш, на ўлим эзгу ишларимизни ўчира олмайди”
Мақсад учун ҳаракат қилиш кераклигини ҳамма билади. Ахир, XXI аср, интернет, тараққиёт... ҳамма билимдон, ақлли, ўқимишли. Унда нега амалга ошмаяпти?!
Билганга амал ҳам қилиш керак-да!
Бир куни аёллар учун ўтиладиган соғломлаштириш курсида ихчамлик ҳақидаги фикрларимни билдираётганимда бир аёл ҳадеб “биламан” деб гапимни бўлаверди. Қарасам, вазни камида юз килоча бор. Охири “билганингиз кўринмаяпти-ку”,  дедим.
Ўзи тўкис яшамаган одам бойиш ҳақида китоб ёзса, кўзойнакли окулист кўриш қобилиятингизни тиклайман деса, семиз одам озиш сирларини ўргатишини айтиб тарғиб қилса, муомаласи тузукмас инсон диндан ваъз ўқиса, ишонасизми?!
Ҳаёт йўли ибратли бир кишининг айтган сўзи бир умрга онгимга сингган: “Мен кўп нарса билмайман, билганимга амал қиламан”.
Инсоннинг қандайлигини кўрсатувчи энг яхши нарса билими эмас, амали.

РИВОЯТЛИ ТАНАФФУС
Қадимда кечқурун соғилган сутни ачимаслиги учун хумга солиб ерга кўмиб кўйишган. Бир куни икки бақа сакраб юришиб шундай хумларнинг бирига тушиб кетишибди. Жонҳолатда тепага суза бошлашибди. Бефойда. “Бўлди, ўлдик”, дебди бақанинг бири иккинчисига кучи қолмагач. “Ҳаракат қил, чиқиб кетамиз” дебди таслим бўлишни истамаган бақа. Тонггача тепага қараб сузиб мадорлари қолмабди. Биринчи бақа чиқишдан умид узиб панжаларини ҳаракатдан тўхтатибди ва секин хум тубига чўкибди.
 Ҳаётга иштиёқи баланд бақа эса бор кучини тўплаб тепага сузаркан. Тепада тўхтаб панжаларига бир оз дам бериб, кейин яна пастга шўнғиркан. Кейин яна тепага, пастга... шу зайлда сут айланиб, юзасини тезроқ қаймоқ қоплабди. Бақа қаймоқни кўргач, яна тонггача ҳаракатни тўхтатмабди. Тонгда қаймоқ қалинлашгач, секин ёриб юзасига оёғини қўйиб эҳтиёткорлик билан чиқибди-да, бир сакраб ерга ўтиб олибди.
 Нима учун неча йиллардан бери тонгда югура олмаётганингизни асл сабаби шунда: иштиёқ кам! Ва бошқа мақсадларингизда ҳам шундай.

ЯШАШГА ҲАМ ИШҚ КЕРАК

“Тўсиқ шундай нарса-ки, унга мақсаддан чалғиганимизда кўз тушади”
Агар сизга эртадан бошлаб тонгда югурганингиз учун ҳар ойда яхшигина пул олиб бериб туришса-чи?!  Кроссовкангиз бўлмаса, калишда бўлса ҳам югурармидингиз?
Нима ўзгарди? Иштиёқ пайдо бўлди. Агар мақсадингизнинг ҳаётингиз учун фойдаси ҳар қанча пулдан ҳам зиёдлигини таҳлил қилсангиз, эртага эмас, бугун, ҳозирдан бошлаб ҳаракатга тушиб қоласиз.
Йиллаб дангасалик домига ташлаб қўйган ишингизни амалга ошириш учун рағбат топиш қийин эмас асли. 
Ҳаракатга иштиёқ қўшилса, сиз ШАХС даражасига етишга қодирсиз.
Ҳаётни чинакам севган одамгина ҳамиша ҳаракат қилади, унга берилган умрни мазмунли ўтказади.  Шуларни била туриб қимирламаган одамга эса...
Битта яхши тепки керак-да! 
Қаранг, кимки осмонда учаётган бўлса, билингки, унинг ортида яхшигина тепки турибди. 

ЧУМОЛИ ИБРАТИ

“Ташвишларим бор деманг, ташвишларга орқа ўгириб Худо бор,  денг”
Мақсадим бор, лекин уни амалга оширишга тўсиқлар ҳам бор дейсизми? Демак,  сизга бу мақсадни амалга оширишда ўша тўсиғу ташвишларни енгиб ўтиш тажрибаси керак. Инсонда ирода шундай шаклланади.  
Ҳақиқий муаммо елкани босмайди, аксинча юқорига кўтаради.
Таваккалчилик ва қатъият кўзлаган манзилингизга тезроқ элтади.  
Шу пайтгача ҳаётингиз давомида учраган қийинчиликларингизни эсланг. Қайси бир тўсиқ сизни айнан шу даражага етишингизга туртки, аёвсизроғи эса тепки бўлган...
Қизиқувчан болалигимизнинг ўйинқароқлигида кўрсатгич бармоғимиз билан чумолини йўлини тўсардик, у эса айланиб ўтарди. Яна тўссак, яна айланиб ўтади. Қайта-қайта.
Ҳеч тўхтаб ортига қайтиб кетган чумолини кўрганмисиз?!
Шу чумоличалик қувватингиз йўқми?

НЕЧТА КИТОБ ЎҚИДИНГИЗ?!
“Ҳаёт ранг-баранг, аммо керакли рангни ўзимиз танлаймиз”
Ҳаётда муаммолар йўқ, бажаришимиз лозим бўлган вазифалар бор.
Аслида мақсаднинг ўзи эмас, унга олиб борадиган жараён қизиқарлироқ. Етгач, бир оз муддат ғолиблик завқини туясизу, яна янги мақсад уйғона бошлайди. Ҳаёт шундай: комилликка интилган инсон учун ундан ҳамиша изланиш, интилиш ва доимий ҳаракатни талаб этади.
Устозим айтганидек, комиллик учун 4 та китоб ўқиш етарли, лекин ўша 4 та китоб қайсилигини топиш учун 4000 та китобни ўқиб чиқишга тўғри келади.

ВУЖУДНИНГ КАЛИТИ ОНГДА
“Шундай катта мақсад қўйинг-ки,
етишга ўзингизнинг ҳам ишонишингиз қийин бўлсин”
Дам олиш куни бекорчилик, тушгача тўйиб ухлашни режа қилиб ётасиз. Аммо шартли рефлекс, тонгда уйқу ўчиб кетади. Ўриндан турмайсиз, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб, ҳар хил ўй-хаёлларда ётасиз. Бироз телефонинингизни титкилайсиз, ётган жойда телевизорни ёқиб кўрасиз. Ҳеч нима ёқмайди. Ланжлик.
Шу тариқа соат 10 дан ҳам ўтиб қолади. Шундай ўй суриб ётиб, бирдан  соат 11 да бир дўстингиз билан учрашишга ваъда бериб қўйганингиз ёдга тушадию, сапчиб ўрнингиздан туриб кетасиз. Шоша-пиша ювиниб, чой ичар-ичмай кўчага югурасиз. Бояги ланжликдан асар ҳам қолмайди.
Нима бўлди?
Шунчаки, онгда мақсад пайдо бўлиши билан вужуд ҳаракатга тушди.
Инсон – вужуд, қалб, тафаккур ва руҳнинг жамланмаси. Вужудимизни онг бошқаришини ҳисобга олиб, катта-катта мақсадлар қўяверинг. У сизни узоқ йилларгача фаол ва сермаҳсул умр кечиришингизни таъминлайди.

БИТИК ОХИРИ (НИҲОЯТ!)
Цитатасиз.
Блогпостим жуда чўзилиб кетди. Аммо мавзу ҳам кичик эмас-да. Хуллас, ҳар томондан айлантириб сизга туртки, тепки бўлишга уринаяпман. Мутолаадан сўнг қайсидир мақсадингизни амалга оширишга қалбингизда рағбат кучайса, мен ниятимга етдим, ҳисоби.

ДАРВОҚЕ, ТОВУҚЛАР! Улар нечук учишибди, яна жанубга қараб?
Бу сизга уйга вазифа.
(“Заковат”чилар ташкил қилган танловнинг блогпостлари ҳам шунақа бўлади)










Зерикмадингизми?
Унда яна бир нарса!
Блогпостдан ташқари оддийгина синов:
Истайсизми, ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаракатчанмисиз-йўқми синаб кўрамиз?!
Ёзганларимга ишониш-ишонмаслигингиз, фикримга қўшилиш-қўшилмаслигингиздан қатъи назар, ҳозир шу жойда мутолаани тўхтатиб, дераза ёнига бориб ташқарига қаранг.

Мусиқасиз танаффус................
Жимжитлик танаффуси............
Қизиққонлик танаффуси..........

Танаффус тугади. Давом этдик:
Агар деразадан ташқарига боқиб ҳаётнинг яна бир ажойиб кунига гувоҳ бўлган бўлган бўлсангиз, баракалла! Сизда беҳисоб куч-қувват, иштиёқ бор. Уларни ишлатиш вақти етди.

Бормаган бўлсангиз, ҳечқиси йўқ. Сиз ёлғиз эмассиз, ер юзидаги инсонларнинг 90 фоизи сизга ўхшаш ёки сиз уларга ўхшаш. Бу ҳақида эса анча кейинроқ...

7 комментариев: