суббота, 22 июня 2013 г.

Ҳижроннинг ранги

Муҳаббатнинг асли ранги оловранг,
Қалбим ўчоғига бўлди қалов ранг,
Ўзи томон чорлар дилни ялов ранг,
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Сабр ранги кўк, бахт ранги пушти,
Саодатнинг ранги сариққа кўчди,
Туйғулар ранг бўлиб кўнгилга тушди:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Истасанг...

Мен шундай севаман, вужудим кўприк,
Асли қалб сийланган меҳрдан бекам.
Бу ишқ бир ўзимга қиляпти кўплик,
Истасанг, кел, бирга кўрайлик баҳам.

Мен шундай севаман, ҳаёлим қанот
Айланиб кетади чархим самога
Дунёга боғланиш руҳим учун ёт,
Истасанг, мен билан кел уч, самода.