суббота, 7 марта 2015 г.

Ҳақнинг заррасиман...

Ҳақнинг заррасиман, Ҳаввонинг насли
Сийланганим шу-да, аёлман бекам
Бахт шудир иккала дунёда асли –
Пойимга жаннатни тўшаган Эгам.

Яратгач, Ўзидан берди қатра нур
Қалбимга оташдай меҳрни қўшган
Аёллигим ўзи – энг олий сурур,
Томирда қониммас, муҳаббат жўшган.

воскресенье, 1 марта 2015 г.

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН...

Қаландарман... хажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени қўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Рухим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман қачон?!