пятница, 28 февраля 2014 г.

ИШСИЗ АТИД

Ибтидо
Саҳрода кетаётган чумолидан сўрашибди:
-          Қаерга кетаяпсан?
-          Маккаи мукаррамага, Хажга кетаяпман!
-          Эҳ-ҳе, сен ҳали бу юришинг билан қачон етиб борасан?
-          Ҳеч бўлмаса, шу йўлда ўламан-ку…


Сиз рулдасиз!

Ҳайрли имконият қийинчиликлар ва муаммолар орасига бекинади.
Альберт Эйнштейн.

Бир кунда мияга қанча фикр келиб-кетади? Ишониш қийин, аммо ҳисоблашларича, инсонда бир кунда ўртача 100 000 фикр келаркан. Ҳа, жуда кўп! Афсуски, бу югурдак ҳаёлларимизнинг каттагина салбий қисми жисмоний ҳолатимиз, кайфиятимиз, бутун ҳаётимизда салбий акс этиши мумкин. Агар бир кундаги ўйларимизнинг ярмидан кўпроғи ижобий бўлганда ҳам, омадим чопди, деяверинг...
Ёруғлик тезлиги фикрнинг тезлиги олдида ҳеч нарса эмас. Агар ёруғлик 300000 км/c тезликда тарқалса, фикр лаҳзада тарқалади. Фикр эфирлар орасида ўтказувчан электрдан ҳам анча нозик экан. Ва энг қизиғи, фикр оҳанграбо сингари ўзига тортиш ҳусусиятига ҳам эга. Яхши фикр яхши воқеа-ҳодисаларни, ёмон фикр нохушликларни ўзига тортади.
Ҳаётингизнинг асосий қаҳрамони Ўзингиз эканлигини ҳисобга олсак, умрингизни мазмунли ўтказиш учун бу минглаб келиб-кетувчи фикрларни бошқаришингиз керак бўлади.

Бир капалак сабоғи
Қадимда шогирдлари кўп бир донишманд бор эди. Улар орасида зуккороғи устозини синамоқчи бўлди. “Устозим тўғри жавоб бера олмайдиган савол бераман”, - деб ўйлади у.
Боғда учиб юрган энг чиройли капалакни тутди ва кафти орасига бекитди. Устозининг ёнига табассум билан келди ва сўради:
“Айтинг-чи, қўлимдаги капалак тирикми ё ўликми?”
У кафтида капалакни махкам тутиб тураркан, донишманд ўлик деса кафтини очиб капалакни учириб юборишни, тирик деса секин қисиб ўлдириб, кейин кафтини очишни мўлжаллади.
Донишманд шогирдининг қўлига қиё ҳам боқмай, жавоб берди:
— Ҳаммаси ўз қўлингда.

Ўзига “хўжайин” онг
Сизнинг фикрингиз ўзингиз ўйлаганингиздан кўра анча кучли.
Ҳар бир тасаввур тимсоли эса ҳаётингизга таъсир ўтказиш кучига эга.
Жон Кехо.
Онгимиз оғзимиздан чиқаётган сўзларимизни таҳлил қилиб ўтирмайди, борича қабул қилади. Онг қабул қилган фикр эса ахборот қатламига узатилади. Бир-икки бор ишлатилган сўз ёки фикр ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги мумкин. Доимий равишда такрорланадиган сўзларни эса ҳаётимизга катта таъсири бор.
Жиззахлик хамкасбим Доно опа ҳаётидаги фожеа ҳақида фикрни кучи ҳақидаги сабоқларимиздан кейин гапириб берганди.
Ёлғиз ўғлини еру кўкка ишонмайдиган она ҳар нарсага ҳавотир олиб “эҳтиёт бўл” деяверар экан. Айниқса, мактабни тамомлаши билан “Нексия” олиб бергану шу билан бирга хадиксирашлар ҳам ортган. Ҳар кунги “эҳтиёт бўлиб ҳайда, авария бўласан” каби уқтиришлар охир-оқибат йигитни автоҳалокатга учраши билан якунланган.
“Авария бўласан”, деб авайлаб айтган гапим онгда “авария бўласан!” каби буйруқдек акс этганмиди", деганди надомат билан Доно опа.
Эҳтимол...
Аксар ҳолларда сўз ҳам шарт эмас. Онгда “ялт” этган бир лаҳзалик фикр ҳам вужудга ўз таъсирини ўтказади.
Дейлик, кўчадан очиқиб келдингиз. Шошиб ошхонага кирасизу музлатгич эшигини очасиз: тўла! Янги бозор қилиб келинган, маҳсулотлар устма-уст тахлаб ташланган. Шу пайтда қанча овқат ейишингиз мумкин? Ҳеч нима егингиз келмай, ўзингизни тўқ ҳис қилганмисиз?
Ёки аксинча, чойхонадан “бўкиб” келдингиз. Чанқаб музлатгични очдингиз: бўм-бўш. Иккита тухуму яримта сарёғдан бошқа ҳеч нима кўринмади. Сув эсдан чиқади. Шу заҳоти қорнингиз очганини ҳис қиласиз.
Бу ҳолат кўз кўрган нарсанинг онгга етказишигача бўлган жараён.  


“Дўхтир, мен язваман!”
“Биз учтамиз: мен, сен ва сенинг касаллигинг.
Сен қайси томонга ўтсанг, ўша ғолиб бўлади”.
Абу Али ибн Сино.
Баъзан нохушликлар, жумладан касалликлар онгимизга сингдирилади. Бу ҳол айниқса, тиббиёт ходимлари бор оилаларда кўп кузатилади.
Ошқозони оғриган болакайни шифокорга кўрсатишди. Ҳозирча гастрит экани, вақтида парҳез билан олди олинмаса, ошқозон ярасига айланиб кетиши мумкинлигини айтди. Куйинчак она шу ондан ғамхўрликни бошлайди. Эрталабдан суюқ бўтқа пиширилади. Ичишни истамаган болага “Сени гастритинг бор, парҳез қилмасанг ярага айланиб кетади” дея тушунтирилади.
Тушликда қайнатма шўрва. Болага ёқмади, хамир овқат егиси келаётганини айтди. Яна шу гап: “сенга мумкинмас, гастритинг ярага айланиб кетади”. Кечки овқатда ҳам шу аҳвол.
Камига дорилар кўринарли жойда боланинг касаллигини ҳар дамда эслатиб туради. Уйдагиларнинг бир кунда беш-олти марталаб язвага айланишини таъкидлашларидан ташқари. Бир марта қўйилган ташхис туфайли соғ юрган инсонга касалдек қарала бошланади. Шу боладаги касаллик вақти келиб тузалиш ўрнига она айтгандек, гастритдан ярага айланади.
Организм ўзини тиклаш хусусиятига эга. Бармоғингизни неча марта кесиб олгансиз? Дори сурмасангиз ҳам жароҳат битиб, изи йўқолиб кетади.
 Аммо касалликни онгимизга ўрнаштириш билан уни ўлгунча асраб юрамиз. Эътибор беринг, атрофимизда сурункали касаллик билан оғриган инсонлар аллақачон исмини ўрнига ўзларини касаллик номи билан атай бошлаганлар: “мен сахарман”, “язваман”, “диабетман”, “сариқман”, “силман”, "саратонман"... ва хоказолар.

Эҳ, жаннат демайсанми?!
Бир киши саёҳат қилиб юриб, сеҳрли боққа кириб қолди. Жуда чарчаган эди. Энг катта ва серсоя дарахт остига ўтирди. Бу “Ўйлар рўёби дарахти” бўлиб, унинг остида ҳаёлдан ўтган хар бир нарса шу заҳоти амалга ошарди.
Бундан бехабар киши дарахт соясида ухлаб чарчоғини ёзди. Уйғонгач, очлигини ҳис қилди ва “қанийди, бирозгина егуликлар бўлса”, дея ўйлади. Шу заҳоти ўйи амалга ошиб олдида егуликлар тўла дастурхон  пайдо бўлди. Киши ҳайратланди, бироқ очлигидан дарров овқатланишга тушди. Қорни тўйгач, кўнгли анча жойига тушди ва беихтиёр “энди ичгани ҳам бирон нима бўлганида эди”, деган фикр ўтди ҳаёлидан. Шу заҳоти жомда май пайдо бўлди. Кишининг хайрати ошди.
“Нималар бўлаяпти?! Балки мен ухлаётгандирман, ёки бу ерда мен билан хазиллашаётган ажиналар бор шекилли!”, дея қўрқинчли ва ваҳший жинлар ҳақида ўйлай бошлади. Ва шу заҳоти ўйларидаги жинлар ҳам пайдо бўлди.
Киши қўрқиб кетди: “Ҳозир булар мени аниқ ўлдиради!”
 Ва ўлдиришди ҳам...

“Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор”
Инсон ҳаёти унинг фикрларига қараб белгиланади.
Ральф Уолдо Эмерсон
Инсонни давомий равишдаги ижобий фикрлари саодатга, салбий фикрлари ҳалокатга етаклайди. Ҳаётда омади чопганларнинг деярли барчаси оптимист инсонлардир. Шарқ донишмандлари инсонда қалб хотиржамлигининг зоҳирий кўринишини юзидаги табассум билан ифодалайди.
Дунёдаги барча ибодатлар ичида фақат намозгина табассум билан бошланади. Бу ҳам оптимистликка ишора аслида. Шунингдек, хотиржам яшаш комиллик ва шукроналикнинг энг ёрқин кўринишига киради.
Салбий фикрлар эса, ношукрликнинг майда кўринишлари бўлиш билан бирга, инсонни қайсидир маънода ҳалокатга етаклайди. Ҳар икки мулоҳаза учун ҳам ҳаётда мисоллар кўп, аммо салбийси (бўлишини истамаганим) учун баъзи таниқли инсонлар тақдирида таҳлилимни билдирсам.  
Касалликка таслим бўлиш, ўзини билиб-билмай “дастурлаш” борасида Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Муҳриддин Ҳолиқов, Охунжон Мамадалиевларнинг шеъру қўшиқларини ёдга олиш кифоя.
Ҳалиям кеч эмас, ҳали бор фурсат
Ахир вужуддамас, қалбдадир қувват,
Лаҳзада ўзингни ўзингга кўрсат,
Эҳтимол, эртага бўлмайди бу вақт...
Бу тўртликни илк бор ўқиганимда Шавкат Раҳмоннинг ҳаёт эмаслигини билмас эдим. “Мендан нима қолар”, “Йиғлашни билмайди менинг қизларим”, "Бир йўқлаб қўй мен дунёдан ўтган чоғим", “Унутмоқ осонмас бизларни”, “Кетаман” каби такрор такрор айтиладиган мисралар соҳибининг ҳаётига таъсир этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ўлим ҳақида, кетиш, ўзини ўлгандан кейинги ҳаётини тасаввур қилиб ёзавериш ёки куйлайвериш, юқорида айтганимдек, “фаришталарнинг омин дейиши”га сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Бахт ҳам бер...
Худо инсонни лойдан ясади ва унда бирозгина ишлатилмаган бўлак қолди.
-          Сенга яна нима яратай?, - деб сўради Худо.
-          Менга бахт ясаб бер, - илтимос қилди инсон.
Худо индамади ва қолган лой бўлагини инсоннинг қўлига берди.


Будильникдан олдин уйғонганмисиз?!
Бу каби ҳол кимнинг бошидан ўтмаган:
Эртага тонгда барвақт туриб узоқ жойга (дейлик, тоққа сайрга) боришингиз керак. Кечаси ётишдан олдин эртанги кунни яхшилаб режа қилдингиз: “Соат 5 да турсам, нонушта қилиб чиққунимча  6 бўлади. Етиб боргунимча 7 ярим бўлади. Ҳаммамиз йиғилгунча, автобус 8 да жўнаса ҳам, салқинда етиб оламиз”.
Шу ўй-фикрлар, режалар билан билан соат қўнғироғини 5 га қўясиз. Аммо тонгда соат 10-15 минут кам 5 да ўзингиз уйғониб, жиринглашга улгурмаган будильникни ўчирасиз.
Нима бўлди?!
Гап шундаки, онг ўй-фикрингизни қабул қилди ва танани сиз белгилаган вақтга чамалади. Туни билан вужудингиз ухлади, аммо онг ухламади. У вужудни сиз белгилаган вақтга уйғотиш учун туни билан вақтни ҳисоблаб чиқиб, озгина қолганда сизни уйғотди.
Онгнинг бу ҳаракатини ҳаётимизнинг бошқа мисолларда ҳам кўриш мумкин. Энг катта режани келтираман: 70 йил  яшашни ният қилганлар 65 ларгача, 65 ни мўлжаллаганлар 60 ёшгача “етиб” боради.  Авлодида узоқ умр кўрганлар бўлса, уларнинг онгига бу сингган:  “биз узоқ яшаймиз”, дейишади ва онг бу фикрни амалга оширади ҳам.
Сиз фикр этасиз, онг вужудингиз кучини сиз истагандек тақсимлайди (ва озгина етмай қолади: ўтган галги постимда ёзганимдек, “туяни сўрасанг, бияни беради” ёки “планкани баландроқ олиш” керак).


Дуо қилайлик...
Болалигимиздан бир фикр онгимизга ўрнашган:
Икки елкамизда икки фаришта ўтиради. Бири яхши, бири ёмон амалларимизни ёзиб боради. Ва баъзан яхши ёки ёмон гапларимизга “омин” дейишади.
Шу боис ҳам яхши ният қилиш, яхши ўй-фикрда яшаш нафақат динимизда, балки ҳаётимизда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фотиҳа тортилган яхши-ёмон орзу-ўйларимиз орқали кейинги кунимиз ўзимизга боғлиқлига ишора кўринади.
“Сиз фақат яхши нарсани ўйлайверинг, чап елкадаги фариштага иш қолмасин”, дер эди устозим. Яъни, ёмон ҳаёлни кутиб-кутиб чарчаб чапдаги фаришта хафа бўлиб сиздан аразласин. Ўнгдаги эса қараса, фақат яхши ҳаёллар. Зерикканидан ҳам охири нима десангиз ҳам “омин” деб ўтиришдан бошқа чораси қолмасин. Ахир, сиздан ёмон ният чиқмайдику!
Дуо ҳам фикр (ният)лигини ҳисобга олсак, фикрнинг кучига бундан ортиқ исбот йўқ. Ахир, Ҳадиси Шарифда ёзилганидек, “Дуоларгина тақдирни ўзгартира олади”.
  
Интиҳо
Маъшуқ эшиги таққиллади. Ундан сўралди:
 — Ким бу?
У деди:
 — Бу мен.
Унга деди:
 — Бу ерда Мен билан Сенга жой йўқ.
Эшик очилмади.
Орадан йиллаб ўтиб, ошиқ яна қайтди ва яна эшикни қоқди.
 — Ким бу?
Ошиқ деди:
   — Бу Сен.

 Эшик очилди.


Муаллифдан: Мазкур блогпостда Жалолиддин Румий ва сўфийлар ривоятларидан фойдаланилди.

9 комментариев:

  1. Deyl Karnegi qarashlarini eslayman sizni o'qisam... Balki siz ham uni ko'p o'qigandirsiz. O'ylashimcha sizda jurnalistika emas publitistikada qalamingiz bor.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Йук, Карнегини укимаганман. Кейинги фикрингиз эса маколаларимни укимаганлигингиз учун булса керак. Бу мавзуларда энди ёзишим. Асосан, макола ва шеърлар ёзаман.

      Удалить
  2. Мен эса аввалига: "Мирзакарим Норбековнинг китобидаги сўзлар-ку булар", - деб ҳайрон бўлдим. Дарҳақиқат, икки томчи сувдек бир хил фиркларни ўқидим. Айниқса, касалликлар ва будильник ҳақидаги бобларда.
    Сўнгра, блогпост тагида сўфийларга ишорани кўриб тушундим. Норбеков ҳам ўз ғояларини ана шу таълимотлар асосида тизимлаштирганлиги ёдимга тушди.
    Умуман, аввалги блогпостларингиз қатори буниси ҳам алоҳида диққатга сазовор. Сизни шахсан танимасам ҳам, тобора ҳурматим ортиб бормоқда. Умрингизга барака, ижодингизга муваффақият тилайман!

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Хурмат ва эътиборингиз учун чин дилдан рахмат! Бугунги ҳаётимдаги аҳамияти учун М.Норбеков ва унинг шогирди Ахмаджон Хасановдан беҳад миннатдорман. Шунингдек, мазкур система ва сўфийларнинг минг йиллик таълимотларини ўрганиш ва ҳамиша изланиб яшаш имкониятини берган Аллоҳга шукроналар айтаман.

      Удалить
    2. Шахсан танимайман, деб хато айтган эканман. Адашмасам, 2009 йил баҳорда Аҳмаджон ака ўтадиган курсларда Сиз ассистентлик қилардингиз. Хотирам панд бермаётган бўлса, Сиз ўшанда ҳижобда юрардингиз. Шунинг учун ҳам дарҳол таний олмабман. Агар ўша инсон бўлсангиз, Сиз учун икки карра хурсандман! Ўтган йили Аҳмаджон ака Сиздек шогирди борлигидан фахрланиб, анча илиқ фикрлар билдирганди.

      Удалить
  3. Адашмадингиз. Ахмаджон ака ва Норбеков маркази билан халигача алокаларимиз бор. Хар йили Тошкентга борганимда уларни курмай кайтмайман. Москвада М . Норбековни уз курсида хам катнашдим. Олган билимларимни хаётда куллаб яшаяпман, изланишдан тухтамаган холда.

    ОтветитьУдалить
  4. Albatta, kishi o'zini tanigan vaqtdan boshlab.. o'ziga va atrofga baho bera boshlaydi..Bu unda hayotga bo'lgan qiziqish yoki aksincha holatni yuzaga keltiradi

    ОтветитьУдалить