четверг, 4 апреля 2013 г.

Отамни тузатган "энам"


Турди бобонинг қулоғи оғирлигиям бир нави эди, яқиндан бери қон босими ҳам тез-тез кўтариладиган бўлиб қолди. Айниқса, кампиридан кейин ўзини анча олдириб қўйди. 2-3 кундирки, кўрпа-тўшак қилиб олди. Кенжатойи уйга дўхтирни бошлаб келди.
— Хў-ў-ўш, — деди томоқ қириб ёшгина дўхтир қон босимни текшириб кўргач. — Қон босимингиз ошиб кетибди. Мен сизга энг самарали воситалардан бирини тавсия этаман. Дардингизга фақат «энам» даво бўлади.
Турди чол қулоқларига ишонмади, кенжатой ҳайратдан донг қотди.


— Мана, «энам»ни бизнинг хусусий дорихонамиздан топишингиз мумкин. Дорихонанинг манзилини ҳам ёзиб қолдирдим.
Дўхтир кетгач, чол ўғилга тикилди, ўғил эса шифокор қолдирган қоғозга. Минг уринмасин, ҳеч балони ўқий олмади.
— Ўғлим, дардингизга энам даво, дедими?
— Шунақа деди шекилли.
— Энаси кинна-пинначи бўлса керак-да. Менга кинна кирибдими?
— Э, ҳа, тўғри айтасиз, ота. Энасини қаердан топамиз?
— Қоғозга манзилини ёзиб кетди-ку, болам!
— Ҳа-я, бунақа гаплар бўлганда қулоғингиз ҳам очилиб кетади-я, ота!
Кенжатой маҳалладошларидан Қобил дўхтирнинг хусусий дорихонасини сўраганди, айтишди. Шоҳбекатдаги гўшт дўконининг ёнгинасидаги дорихона экан. Сотувчи 50-55 ёшлар чамасидаги, аммо ўзига оро берган кўҳликкина аёл экан.
— Ассалому алайкум, — секин сўз бошлади кенжатой. — Сизга бир илтимос билан келувдик...
— Хўш, хизмат, — деди аёл.
— Отамнинг сал тоблари қочиб қолувди. Кинна кирган шекилли. Шунга...
— Вой, мени сизга ким айтди кинначи деб?
— Ҳа, энди таърифингизни эшитувдик...
Аёл у ёқ-бу ёққа аланглаб, секин пичирлади: «Биров эшитмасину, «қўл» олганим рост. Аммо бу ишни «тёмний» қиламан. Устоз билан бир маҳаллада яшаймиз. Эшитиб қолсалар, «клиентимни қочираяпсан» деб хафа бўладилар».
— Йўғ-е, бировга айтиб ўлибмизми, бобой тузалиб кетсалар бўлгани. У ёғидан ҳеч хавотир олманг. Ўзим сизни рози қиламан.
Аёл бироз нозланиб турди-да, «қўймадингиз, қўймадингиз-да», деб дорихона эшигига қулф солди.
Кенжатойига эргашиб келаётган кўҳликкина аёлни кўриб Турди чолнинг кўзи пахтасидан чиқаёзди. «Қулт» этиб ютинди-ю, ичи ловуллаб кетди. Оғзида носи борлиги эсидан чиққан экан...
— Вой, сизмисиз касал? Отдайсиз-ку, қирчиллама йигитдайсиз, — деб аёл Турди чолга жилмайганча қўл узатди.
— Салом!
— Во-о-олайкум, — ота довдираб қолди.
— Во-ей, қўлим толиб кетди-ку!
— Ие, ҳа, ваалайкум салом, — Турди чол аёлга қўл узатиб, маҳкам сиққанча тураверди.
— Во-ей, қўлимни эзиб ташладингиз-ку. Анчагина бақуватсиз-ку. Ҳайронман, сизни нега касал дейишди!
— Ҳа, энди... Кўз тегди-да бизга, кинна кириб қолди шекилли.
— Касалнинг тузалгиси келса, табиб ўз оёғи билан келаркан, ота, — суҳбатга аралашди кенжатой. — Мана, айтган табибингизни олиб келдим.
— Раҳмат, опкеган бўлсанг, сен энди боравер, ишинг кўп, — деди чол.
Кенжатойи муғомбирона кулди, ташқарига чиқиб, «табиб»нинг кинна солиб бўлишини кутди. Ниҳоят аёл чиққач, дорихонага элтиб қўйди, назрини узатди. «Қуймадингиз, қўймадингиз-да», деди аёл ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмайдиган қилиб. Пулни эса дарров сумкачасига жойлади.
Турди чолнинг ҳаловати йўқолди. Кенжатой кириши билан:
— Кел ўғлим, маслаҳатлашадиган гап бор, — деб уни ичкарига бошлади...
Орадан чамаси бир ҳафта ўтиб, «уч сўм пул, бир калла қанд, битта мулла» деганларидай, маҳаллага ош берилди. Ошга эса албатта, Қобил дўхтир ҳам айтилди.
— Оббо сиз-ей, зўр дўхтир экансиз, — дея ҳазиллашди кенжатой. — Отамга «точний» диагноз қўйган экансиз-а!
— Хўш, «Энам»ни топдингизми?
— Мана, энангиз ўн тўрт кунлик ойдай келин бўлиб ўтирибдилар-ку!
— И-е-е...
Қобил дўхтир хусусий дорихонасининг бева сотувчисини кўриб, оғзи очилиб қолди.
— У киши менинг энаммас... Ҳалиги, нима десамикин... Мен, умуман у кишини назарда тутмагандим...
Кейин маълум бўлишича, дўхтирнинг «энам» дегани, қон босимига қарши қулланиладиган янги, чет эл дориси экан.
Дарвоқе, буни Турди чолга билдириб ўтиришмади. Кимнинг энаси бўлсаям, чолни тузатиб, қирчиллама йигитдай қилиб юборди, бўлди-да. Шундайми?!

3 комментария: