четверг, 4 апреля 2013 г.

Сизга баҳорларни совға қиламан


Сизга баҳорларни совға қиламан
Икки дунёларга татирлик, тотлик
Қайта яшнагайсиз мен-ла, биламан,
Мазмунга тўлдирар умрингиз шодлик

Сизга наҳорларни совға қиламан
Сеҳрли тунлари тонгга уланган
Ҳаётни кўрасиз кўз очиб саҳар,
Бетакрор, фусункор, нурга беланган

Сизга дунёларни қиламан тортиқ,
Ерда яшаб кўкнинг завқин туясиз
Қалбингиз эритар жаннатий хордиқ,
Ўзга дунёларга кетмай қўясиз

Сизга хаёлларни ҳадя этаман,
Ширин ором билан топар ниҳоя
Лахзада энг ёруғ бахтга элтаман,
Қўлингиз тутсангиз менга, кифоя

Сизга уммонларни туҳфа қиламан,
Хотиржам тўлқинли, майин оқимли
Тубсиз салтанатда ҳамроҳ бўламан,
Кўрасиз, мен билан сузиш ёқимли…

Сизга осмонларни совға қиламан,
Хеч нарса тенг келмас асли софликка,
Энг яқин манзил-да элтувчи нурга
Йўғрилиб яшаймиз, жоним, покликка

Сизга баҳорларни ҳадя қиламан
Табиати менинг атворимга мос
Қайтадан яшаймиз, жоним, биламан,
Бахтдан бошимизни айланиши рост.

Сизга ёмғирларни бахшида этгум
Ҳар томчи уйғотар янги ҳисларни
Қалбингизга сингиб сўнггига етгум,
Ювдиргум менгача қолган изларни

Сизга кўзларимни атаганим бор,
Ўтли нигоҳимда эриб оқасиз,
Ширин сўзларимни этаман изҳор,
Қувончим, сиз менга жуда ёқасиз…

Орзуим, хаёлим, ҳамма ўйимни,
Сизга борлиғимни этаман тортиқ,
Лабда табассумим, қадди-бўйимни,
Сизга илинганим бундан ҳам ортиқ

Жоним пойингизга ташлагайман, ёр,
Сиз икки дунёлик аҳдим бўласиз.
Шунча ҳадя тайёр, битта савол бор,
Совғани олгани качон келасиз? 

Комментариев нет:

Отправить комментарий